“O’zEraeAlternator” Ўзбекистон -Корея қўшма корхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2-декабрдаги 4059-сонли Қарорига асосан “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида ташкил этилган бўлиб, унинг таъсисчилари: 50% улушли “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ва 50% улушли Жанубий Кореянинг “erae cs LTD” компаниясидир. Корхонанинг Устав фонди – 4млн. 60мингАҚШ долларини ташкил этади. Қўшма корхонамизнинг вазифаси Ўзбекистонимизда ишлаб чиқарилаётган “GM Uzbekistan” заводи автомобиллари учун жаҳон стандартларига жавоб берадиган автомобил генераторлари ва компрессорлари ишлаб чиқаришдан иборат. Корхонамизнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 200минг дона автомобил генераторларни ташкил этади.

“O’zEraeAlternator” қўшма корхонамиз ўзининг иш фаолиятини 2011 йилдан дастлаб автомобил компрессорларини ишлаб чиқаришдан бошлаган бўлиб, 2012 йилдан автомобил генераторларини ишлаб чиқара бошлади. Автомобил компрессорлари ишлаб чиқариладиган бўлинмадаги ярим автоматлаштирилган ускуналар  замонавий технология талабига мос бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришда ишчи меҳнати учун кўпгина қулайликлар яратилган, яъни қурилмаларда сенсерли хавфсизлик тизими мавжуд, аниқлилик даражаси юқори, ускуналар соддалаштирилган. Компрессор ишлаб чиқариш бўлинмасида: “Матиз” русумли автомобиллар учун икки хил компрессор, “Нексия”, “Ласетти”ва “Спарк” русумли автомобиллар учун компрессорлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди, ҳозирги вақтда  “Авео” ва “Жентра”  русумли автомобиллар учун компрессор ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Корхонамиз 2011 йилда 14818 дона автомобил компрессорларини ишлаб чиқарган бўлса, 2015 йилга келиб 31325 дона автомобил компрессорлари ишлаб чиқарди, яъни 2011 йилга нисбатан ишлаб чиқариш салоҳияти 2015 йилга келиб 2,1 баробарга ошди. Худди шундай, корхонамизда 2012 йилда 117357 дона автомобил генераторлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2015 йилга келиб 142585 дона автомобил генераторлари ишлаб чиқарилди, яъни 2012 йилга нисбатан ишлаб чиқариш 1,2 баробарга ошди.